Payshanba, 19.10.2017, 01:04
UzKinoZal ГлавнаяРегистрацияВход
Приветствую Вас MEHMON | RSS
Меню сайта
Категории раздела
Индийские фильмы / Hindcha
Узбек фильмы / O'zbek Kino
Приключения / Sarguzashli
Документальные / Hujjatli
Мультфильм / Multiklar
Программы / Dasturlar
Исторические / Tarihiy
Концерты / Konsertlar
Фантастика / Mo'jizali
Новости / Yangiliklar
Сериалы / Seriallar
Ужасы / Qo'rqinchli
Приколы / Prikollar
Комедия / Kulgili
Боевик / Jangari
Статья / Maqola
Уроки / Darslar
Разное / Har hil
Ислам / Islomiy
Драма / Drama
Спорт / Sport
Клипы/kliplar
FILM HD 720i
Фильмы на английском / Films in English
Тексты песен / Qo'shiqlar matni
ТВ-передачи/Tv-dastur
Кухня / Oshxona
Футбол / Futbol
Стихи / Sherlar
UFC
Мини-чат
300
Наш опрос
QAYSI BO'LIM MA'QUL SIZGA
Всего ответов: 5031
Статистика

Portalda jami: 1
Mehmonlar: 1
Ro'yhatdan o'tganlar: 0
  
Главная » 2013 » Mart » 5 » Наргиза Абдуллаева “Дилкаш лаҳзалар”
08:57
Наргиза Абдуллаева “Дилкаш лаҳзалар”

Наргиза Абдуллаева бугунгача бир нечта кинофильмлардаги роллари билан мухлислар кўнглидан жой олиб улгурди. Айниқса, мухлислар ҳар гал мириқиб томоша қиладиган фильмлар — "Бегона баҳор” фильмидаги андишали келинчак образи кўпчиликка манзур бўлган.

Айни пайтда севимли актрисамиз "Дилкаш лаҳзалар” телекўратувининг иккинчи фаслида иштирок этяпти. Репитиция жараёнларида оила ташвишларидан ортиб, ўз санъатини намоён этаётган қаҳрамонимизнинг қалб сандиғига қўл соларканмиз, бехос ҳасратлари тўкилиб кетди-я... 

— "Дилкаш лаҳзалар” телекўрсатувида иштироки этмагунингизча сизин мухлисларингиз ижод қилмаяпти деб ўйлашаётган эди....
— Ижодимдаги янгиликлардан ҳозирги кунда мухлисларимиз кузатиб боришаётган экан, "Дилкаш лаҳзалар” телекўрсатувида иштирок этяпман. Кейин "Замоновий совчилар 2”, "Лайлойимсан” фильмида суратга тушдим. "Лайлойимсан” фильмида меҳрибонлик уйида ишлайдиган тарбиячи аёл ролини ўйнадим. Клипларда суратга тушишимга эса шундоғам рухсат йўқ. Қолаверса, фильмларда ҳам ҳозир кам суратга тушаётганлигимнинг сабаби, кўпчилик билади, иккинчи марта турмушга чиқдим. Ҳозир кўпроқ, фарзандим тарбияси билан шуғулланяпман. Агар очиқроқ гапирадиган бўлсам, турмуш ўртоғим ҳам режиссёрлардан тушаётган таклифларни ўйлаб кўриб, ўзини дидига қараб танлаяптилар. Улар... умуман, нафақат уларга, қайси санъаткор аёл бўлмасин, турмуш ўртоғининг клип ёки кинода бирор бир йигит билан қўл ушлашиб, яқин масофада туриб рол ўйнашини хоҳламайди. Ҳозир ўзи шунақа кинолар кўпайиб кетяпти-да негадир... Хўжайиним менга бирор бир келинми, шунга ўхшаш роллар бўлса ўйнайсан деди. Шундай экан, хўжайиним нима деса шу (жилмаяди). "Дилкаш лаҳзалар” телекўрсатувида иштирок этишимга эса ўзлари рози бўлдилар. Ҳатто бир саҳнада ҳинд рақсларини намойиш этиб қўшиқ куйлашимиз керак эди. Шу саҳнада Мирзуфар билан қўл ушлашиб рақсга тушадиган, Мирзуфар мени кўтарадиган саҳнаси бор. Лекин турмуш ўртоғим ўзи ҳам бу кўрсатувга шунақа қизиқиб кетдики, аксинча, шу мени кўтарадиган саҳналарни бажариш кераклигини ўзлари таклиф билдирдилар. Мен саҳнага кийиб чиқаётган либосларни ҳам турмуш ўртоғим чизиб бердилар. Партнёрим Мирзуфарни хўжайиним ҳам ҳурмат қилади. Тўғри тушунади кўз тегмасин. Қаерга бўлмасин, турмуш ўртоғим ҳар доим ўзим билан бирга.
— Ўзи шу кўрсатувга қатнашмасингиздан аввал Мирзуфар Шарипов билан танишмидингизлар?
— Тўғрисини айтсам йўқ. Мирзуфарни "Марказ” телеканали орқали яхши танир эдим. Кейин шу кўрсатув орқали Мирзуфар ва унинг админстратори Маъруф билан танишдик. Мирзуфар билан хўжайинимдан рухсат олганимиздан сўнг қатнаша бошладим. Шунда ҳам баъзи пайтларда репитицияларга турмуш ўртоғим бормайсан, болага қара деган пайтлари ҳам бўлди. Баъзида эса, кўрпа тўшагингни ҳам кўтариб борақол репитицияга, ўша ерда яшайверардинг дея ҳазиллашдилар ҳам (кулади). Аммо мен хўп деб, хафа бўлиб турганимни кўриб яна раҳми келади, рухсат беради (жилмайиб). Очиғини айтадиган бўлсам, бу кўрсатувга мен ўзимга ишонмай чиққан эдим. Чунки қўшиқ айта олмас эдим. Ҳозиргидек бунақа рақсга туша олмас эдим. Мана энди кўрсатув баҳона ҳаммасини ўрганиб оляпман.

— Оилали бўла туриб буларнинг ҳаммасига қандай улгуряпсиз?
— Онажонимнинг борига шукр. Ҳали ўзлари бирор марта мени қизим шу кўрсатувда иштирок этяпти деб тушганлари йўқ. Мен съёмкада бўлган куним онам болаларга қараб ўтирадилар. Режиссёр Сайфиддин акага ҳам шу жумладан ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчи эдим. Чунки режиссёрлар актёрларни репитицияга ҳар доим ўзини вақтига қараб чақиради. Сайфиддин ака эса ҳар доим бизнинг вақтимизни, оилавий шароитимизни инобатга олиб, бизни қўллаб қувватлайдилар.
— Ҳар гал саҳнага чиққанингизда бир оз ҳаяжонланаётганлигингиз сезилади. Шунақа пайтларда кўнглингиздан нималар кечади?
— Тўғри айтасиз. Саҳнага чиққанимда қўрқаман тўғриси. Буни мухлисларимиз ҳам сезишибди. Билмадим, балки саҳнанинг салобати босар... Ҳатто бир гал қаттиқ хаяжонланганимдан интервью пайида йиғлаб юбордим ҳам. Шунақа ҳаяжонланган пайтларимда онамни дуолари, турмуш ўртоғимнинг далдаларини эслайман. Ҳар гал кўрсатувдан чиққанимда биринчи бўлиб онамга қўнғироқ қилиб, нечи балл тўплаганимни айтаман. Хурсандчилигимни биринчи бўлиб онам билан баҳам кўраман. Бир сафар саҳнага олиб чиққан кўринишларимиз тўққиз баллар билан баҳоланганида кайфиятим тушиб кетди. Онамга қўнғироқ қилмадим. Буни онам сезибдилар. Ўзлари қўнғироқ қилиб кўнглимни кўтардилар. Худога шукр, онам мени ҳар доим қўллаб қувватлаб турадилар. Шу билан биргаликда бизга грузинча рақсни ўргатган балетмейстер Эркин акага, Камила ва Ширин бошчилигидаги "Асал” рақс ансамбли болаларига ҳам ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Биз тўплаётган баллар ўн фоиз бўладиган бўлса, етти фоизи уларники дея бемалол айтишим мумкин.
— Сиз оилали бўлганингиздан сўнг ҳам сизни ашаддий мухлислариниздан бири севги изҳори битилган мактубни турмуш ўртоғингиз қўлга тутқазиб кетган экан...
— Тўғри, шунақа бўлган. Мени мухлисларим орасида нафақат аёллар, балки ёш ва ёши катта эркаклар ҳам бор. Улар тўғри маънода ёнимга келиб самимий салом-алик қилишади. Гуллар билан табриклашади. Турмуш ўртоғимнинг олдига келиб, биз мухлислари бўламиз, деб танишишади. Кўча-кўйда кетаётганимизда ҳам кўриб қолишса, машинасида ўтира туриб ҳам мен билан салом алик қилиб кетишади. Шунақа пайтларда тўғри, турмуш ўртоғимнинг ғайирликлари келади. Уйимга ҳалигача сирли равишда табрикномалар, гуллар келиб туради. Кимдан эканлигини билмайман. Бундай вазиятларда турмуш ўртоғимга тўғри тушунтиришга ҳаракат қиламан. Чунки мухлислар билан сўрашмай, гаплашмай ўтиб кетсангиз, бурни кўтарилиб қолибди деган нотўғри хаёлга бориб қолишадида. Кейин бошқа бировга гапириб қўйиши мумкин, Наргиза Абдуллаева осмонга чиқиб кетибди, мен билан сўрашмай ўтиб кетибди деса, шу тарзда нотўғри тушунча бир бирига занжирдек уланиб тарқалиб кетади. Турмуш ўртоғимни кўпчилик мени акам деб ўйлар экан.
— Рашк турли можароларга сабаб бўлади тўғри... Лекин орада барибир муҳаббат, ҳурмат деган тушунчалар бор. Турмуш ўртоғингиз сизнинг қайси фазилатингизни кўпроқ қадрлайди?
— (Жилмайиб) Биласизми, мана, кечагина шу ҳақда гап бўлди. Тўғри, айтганингиздек можаролар бўлади. Лекин турмуш ўртоғим барибир мени тўғри тушунадилар. Чунки орамизда Худога шукр, ишонч деган нарса бор. Кеча бирга суҳбатлашиб ўтирганимизда турмуш ўртоғим мени озодалигимни ҳурмат қилишларини айтдим. Тўғри, мен унақа зўр пазанда бўлмаслигим мумкин, лекин озодаликни севаман ва бунга амал қиламан. Хўжайиним: — Мен Москвада ўн йиллаб ишлаб юрган пайтларимда деярли ўзбекчиликдан чиқиб кетган эдим. Сенга уйланганимдан сўнг мана, уйда нима бор, нима йўқ, ўзбекона рўзғор тутишни ўргатдинг. Мени ўзлигимга қайтардинг. Бўлмаса ҳалиям оилали бўлолмай юрар эдим. Сенга раҳмат дедилар хурсанд бўлиб.
— Турмуш ўртоғингиз билан илк маротаба қаерда ва қай тарзда танишгансизлар?
— Мени қариндошларим Москвадаги ўзбек миллий таомлари тайёрланадиган кафеда ишлашар эди. Қариндошларимни кўргани Москвага борганимда хўжайиним мени кўриб, ёқтириб қолган эканлар. Кейин сўраб, суриштириб менга совчи қўйганлар. Мен уларни самарқандлик эканликларини билмаганман аввалига. Мен Тошкентда яшайман десам, мен ҳам Тошкентда яшайман деганлар. Кейин рози бўлганман.
— Санъатингизни ташлайсиз деган шарт қўймаганларми?
— Шунақа бўлди. Мен сабр қилдим. Ўшангача режиссёрлардан таклиф бўлса, йиғламсираб эримни кўзига қараб турардим. Кейинчалик, мени раъйимга қараб, рухсат бердилар. Турмуш ўртоғимнинг барча фазилатларини ҳурмат қиламан.
— Лекин ҳар бир инсоннинг ўзига яраша камчиликлари ҳам бўлади...
— Тўғри, беайб Парвардигор. Турмуш ўртоғим баъзи пайтларда вазиятни тўғри тушунмай туриб, гапириб юборади. Гапимни охиригача эшитмайди. Кейин ўзига келиб олганидан сўнг, бўлди хафа бўлма, чиқ онаси, болалар йиғлаяпди деб қўяди (кулади). Рашк қилишларини кўчада кўрсатмайдиларку, лекин уйга келгандан сў-ў-ўн-г-г... (образга кириб, кулиб). Кейин яна бир одатлари бор, кўчадан келиб, кийимларини ечиб уйнинг дуч келган жойига отади. Қанча гапирмай, бефойда... (кулади).
— "Дилкаш лаҳзалар”да қатнаша бошлаганингиздан сўнг сизда ҳам кўрсатувдан ташқари қўшиқ куйлаш истаги пайдо бўлмадими?
— Бўлди (кўзлари порлаб). Испанча, хоразмча қўшиқларини саҳнада мазза қилиб куйлаганимдан сўнг менда ана шу истак пайдо бўлди. Ҳатто биласизми, саҳнада қандай қўшиқ куйлаяпман буни билмадиму, лекин ҳомийлар чиқяпти, агар қўшиқ куйласангиз сизга ҳомийлик қиламиз дейишяпти. Бир нечтаси турмуш ўртоғим билан ҳам гаплашиб кўришибди. Турмуш ўртоғим ҳам бунга қаршимас. Қайтага ёнингда бўламан ҳар доим, қўшиқ куйламайсанми дедилар. Билмадим, мен "Дилкаш лаҳзалар”да қўшиқ куйлай туриб, овозимни студияда компьютер программаси орқали тўғирлашимга тўғри келяпти. Ўзим ҳақиқатан маромига етказиб куйлай олишимга кўзим етиши учун ўз устимда тинимсиз ишлашим, вокал тўгаракларига қатнашиб, жонли тарзда қўшиқ куйлашни ўрганишим керак. Ана ўшанда куйласам бўлади.
— Фарзандларингиз келажаги ҳақида ҳозирдан чиройли ниятлар қилаётгандирсиз?
— Албатта! Ўғлимни келажакда дипломат бўлишини истар эдим. Қизимни эса ислом университетида ёки юридик соҳада ўқитиш ниятим бор. Лекин санъат соҳасига киришларини истамас эдим.
— Нега?
— Ўғлим майли, агар қўлидан келса санъаткор бўлиши мумкин. Лекин қизим эмас. Чунки аёл кишининг санъаткор бўлиши осон эмас. Аёл киши турли тўсиқларга ва қаршиликларга учраб, ҳар хил тиканли кўчаларни босиб ўтишига тўғри келаркан. Санъаткор бўлиш учун, турли эшикларни қоқар экан аёл. Турли эшиклардан эса турлича одамлар чиқиб келар экан. Ўша одамлар сизни машҳур қилиш учун ўзларининг жирканч назаридаги таклифларни билдиришаркан. Аммо... Худога шукр, менда унақаси бўлмади. Ўзимни, шаънимни ҳар доим ҳамма нарсадан устун қўяман. Майли машҳур бўлмасам ҳам, лекин аёллик шаънимни булғамадим. Худонинг ўзи менга ҳар доим тўғри йўл кўрсатиб турди... Энди эса турмуш ўртоғим ёнимда (жилмаяди).
— Бугунги кунгача комик ролларни ўйнай олишингизга ишончингиз комил эмас эди. Лекин "Дилкаш лаҳзалар”да шунақа кичик комик ролларни ўйнаяпсизку? Демак...
— Саҳнада қай даражада чиқяпти билмадиму, лекин ҳақиқатан ҳам бу ҳақда ўзим ҳам ўйладим. Демак, комик ролларни ўйнай оламан. Фақат режиссёрлардан яхши рол бўлса, ролим яхши чиқиши учун ҳаракат қилишим мумкин. Дардли ролларни кўпроқ ўйнагим келади.
— Турмуш ўртоғингиздан олган энг яхши совғангиз...
— Бир оғиз ширин сўзлари мен учун ҳар доим совға бўла олади.
— Эшитишимизчатурмуш ўртоғингиз яхшигина ошпаз экан. Оилада сиз тайёрлаган таомларга турмуш ўртоғингиз неча баҳо беради?
— Уч (кулади). Лекин мақтаб ҳам турадилар. Пиширган овқатим уларга ёқмаганлигини қандай биламан биласизми? Агар овқат тановул қила туриб, ширинлик тановул қила бошласалар, шундан биламанкпи, овқатим ёқмаган. Агар овқатим ширин чиққан бўлса, хўжайиним аввал овқатни еб бўлиб, кейин охирида ширинлик тановул қиладилар. Ўзлари ҳам нозикроқ меҳмонлар келиб қолса, овқатларни ўзлари тайёрлайдилар. Шунақа пайтларда мени ошхонада уларни кузатиб туришимга рухсат бермайдилар. Билмадим, қизиқ, таом тайёрлаш сирларини менга ҳам очмайдилар ҳатто (ҳайратланиб). Ўзи ошпазлар шунақа бўлишаркан.
— Одамлардан кўп ранжиган кўринасиз... Атрофингиздаги инсонларга нисбатан самимий бўлса-да, ишончсиз нигоҳ билан қарайсиз, шундайми?
— Гапизда жон бор. Минннат қилиш бўлмасину, одамларга қанчалик кўп яхшилик қилмай, улар учун куйиб пишмай, менга ҳар доим аксини қайтаришган. Санъатда бир оз танаффус эълон қилган пайтларимда ҳам ишонасизми, менга шу кунгача ўзини яқин тутиб келган инсонларни ер юзидан топиб бўлмай қолди. Кўнглим қолди улардан. Ҳатто бир сўм пулим қолмаган пайтларимда ҳам, уларга бировдан олиб бўлса ҳам ёрдам берган пайтларим бўлди. Ҳатто айрим санъаткорларга ҳам кези келганда танилишлари учун қўлимдан келганича ёрдам берганман. Бугун улар мени кўча кўйда кўришса танимай ўтиб кетишади... Турмуш ўртоғим ҳам жуда кўп шу борада танбеҳ берадилар. Бўлди, кўнгилчанликни бас қил. Шу пайтгача раҳмат эшитдингми, қадрингни бил дейдилар. Лекин мен... билмадим, барибир одамларга ёрдам қўлини чўзавераман. Сабаби, бугун ўшалардан бўлмаса-да Худодан қайтади бошқа инсон орқали бўлса ҳам. Шунинг учун ҳар биримиз ҳар доим бир бирмизга ёрдам бериб, қўллаб-қувватлашимиз керак деб ўйлайман.

Категория: Статья / Maqola | Просмотров: 2177 | Добавил: IDEAL | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Mart 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Copyright MyCorp © 2017